Размер шрифта: A A
Цвет сайта: A A A A
Мобил талқин
(+998 78) 140-00-88
Ишонч телефони
(+998 71) 244-25-73
Иш тартиби: ДУ-ЖУ 09:00-18:00
Call center
(+998 78) 140-00-88
Иш тартиби: ДУ-ЖУ 09:00-18:00
Акциядорларга тезкор боғланиш
(+998 78) 140-00-88
Иш тартиби: ДУ-ЖУ 09:00-18:00
Сайтга кириш

Мижозларга инновацион ёндашув

Янгиланган сана: 24 Январ 2019, 19:12
Мижозларга инновацион ёндашув
16 Jan 2019

Юртимизда эшитиш ва сўзлашиш қобилияти заиф инсонларга эътибор ва ғамхўрликни кучайтириш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва маънавий жиҳатдан қўллаш борасида банк тизимида устувор вазифалар амалга оширилмоқда.

Хусусан, Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 11 июндаги “Аҳолининг ижтимоий заиф қатлами бандлигини таъминлашни рағбатлантиришнинг ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, “Трастбанк” хусусий акциядорлик банки сўзлашиш ва эшитиш қобилияти заиф инсонлар ҳаётида қулай ва ижтимоий шарт-шароитлар яратиш борасида ижобий натижаларга эришмоқда.

Жумладан, “Трастбанк” хусусий акциядорлик банкининг 2018 йил режасига кўра “Дархон” филиали томонидан ушбу қарор асосида кенг кўламли чора-тадбирлар олиб борилди. Унга кўра, 2018 йилнинг 1 декабридан бошлаб аҳолининг ижтимоий заиф қатлами, яъни эшитиш қобилияти паст ва сўзлашувдан маҳрум бўлган инсонлар учун “Сурдо-онлайн” хизмат кўрсатувчи Call-марказ билан ҳамкорликда мижозларга имо-ишора тилида банк хизматлари кўрсатишни йўлга қўйди.

Шу билан бирга, Президентимизнинг 2018 йил 28 декабрда Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида банк-молия соҳасида банк хизматлари кўламини янада кенгайтириш ва илғор ахборот технологиялари асосида банк тизимини ривожлантириш долзарб вазифалардан бири сифатида белгилаб берилган бўлиб, мазкур Мурожаатномадан келиб чиққан ҳолда “Трастбанк” хусусий акциядорлик банки ҳам ўз олдига аниқ вазифаларни белгилаб олган.

- Маълумки, бугунги кунда илғор ахборот технологиялари кенг ривожланаётган даврда банк тизимига инновацион ахборот технологияларини изчил тадбиқ этиш ва банк амалиётига замонавий технологияларнинг жорий этилиши интернет, планшет ва мобиль телефондан фойдаланиш имкониятларини кенгайтирган. Шу сабабли, интернет платформасидан фойдаланган ҳолда банк мижозларига хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш мақсадида биз тажриба тариқасида ўтган йилнинг декабр ойидан бошлаб “Дархон” филиалимизда мижозларга имо-ишора тилида банк хизматлари кўрсатишни йўлга қўйгандик, - дейди Банк Бошқаруви Раисининг биринчи ўринбосари Фурқат Самарходжаев.

Банкнинг “Дархон” филиалида синовдан ўтган бу хизмат туридан фойдаланиш, айнан сўзлашиш ва эшитиш қобилияти заиф аҳоли ва тадбиркорлар ўртасида ижобий баҳоланди. Ўзбекистонда эшитиш ва сўзлашиш қобилияти заиф ногиронлиги бўлган шахслар сони 200 мингга яқинлиги ва ўтказилган таҳлиллардан келиб чиққан ҳолда банкнинг бу каби хизмат турига талаб юқорилигини ҳисобга олиб, “Трастбанк” хусусий акциядорлик банкининг мавжуд 11 та филиалида ҳам мазкур банк хизмат турини жорий этишга қарор қилдик.

Жорий йилнинг 14 январидан бошлаб, “Трастбанк”нинг барча ҳудудий филиалларида мижозларга имо-ишора тилида банк хизматлари кўрсатиш йўлга қўйилди.

Банк хизматларидан фойдаланиш мақсадида филиалларимизга ташриф буюрган ногиронлиги бўлган шахсни бу оддий аҳоли бўладими ёки тадбиркорми, филиал администраторлари томонидан кутиб олинади. Ҳар бир филиал администратори интернет тармоғига уланган планшетлар билан таъминланган. Администратор дарҳол планшет орқали имо-ишора тилини узатувчи онлайн видео чат орқали хизмат таржимонлари билан боғланади. Ушбу нуқтада махсус мутахассис бевосита мижоз ва банк ходими ўртасида воситачи вазифасини бажаради. Банк администратори мижоз билан биргаликда юриб, уларга банкнинг бевосита барча хизматларидан фойдаланишига кўмаклашади, - дея сўзини якунлади Самарходжаев.

Сирасини айтганда, “Трастбанк” хусусий акциядорлик банкининг энг устувор вазифаси - бу илғор технологияларни жорий қилган ҳолда мижозлар учун сифатли банк хизматлари кўрсатишдан иборатдир.

Банк Ахборот хизмати

Манба: Банк Ахборот хизмати / Кўришлар: 1094
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech