Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

Янгиланган сана:  27 Май 2020, 12:01

ЭЛЕКТРОН ОФЕРТА

"Трастбанк" хусусий акциядорлик банкининг филиали (кейинги ўринларда - Банк), бир томондан, ва Банк томонидан иш ҳаки лойиҳаси асосида муомалага чиқарилган банк картасининг эгаси бўлган ҳамда қуйида таклиф қилинаётган шартларни тўлалигича ва сўзсиз қабул қилишини электрон шаклда акцептлаш орқали билдирган жисмоний шахс (кейинги ўринларда - Қарздор/мижоз), иккинчи томондан, қуйидагилар тўғрисида мазкур Электрон офертани туздик.

1-§. Электрон оферта предмети

1. Банк Қарздор/мижоз томонидан Электрон оферта акцептлангандан сўнг, "TrustPay" мобиль-иловаси воситасида Қарздорнинг/мижознинг банк картаси махсус ҳисобварағига онлайн-микроқарз маблағини ўтказади.

2. Қарздор/мижоз Электрон офертага асосан Банк томонидан ўтказилган пул маблағини онлайн-микроқарз сифатида қабул қилади, олинган онлайн-микроқарз ва унга ҳисобланган фоизни Электрон офертада белгиланган муддатлар ва шартларда тўлик қайтаради.

3. Мазкур Электрон офертада қуйидаги тушунчалар ишлатилади:

қарз юки кўрсаткичи - Қарздорнинг/мижознинг барча кредит ва микроқарзлари бўйича ўртача ойлик тўлови миқдорининг унинг ўртача ойлик даромади миқдорига бўлган нисбати;

ўртача ойлик тўлов миқдори - Қарздор/мижоз томонидан барча қарз берувчилар билан тузилган ва тузилиши мўлжалланаётган кредит (микроқарз) шартномалари, шунингдек Қарздор/мижоз кафил ва/ёки биргаликда қарздор сифатида иштирок этадиган кредит (микроқарз) шартномалари бўйича тўловларнинг ўртача ойлик қиймати;

ўртача ойлик даромад миқдори - иш ҳақи лойиҳаси асосида муомалага чикарилган банк картаси орқали Қарздорнинг/мижознинг меҳнатга ҳақ тўлаш тарзида оладиган даромади, шунингдек пенсия ва бошка даромадлари;

онлайн-микроқарзнинг тўлик қиймати - онлайн-микроқарз офертасига мувофик Қарздор/мижоз томонидан амалга ошириладиган тўловлар асосида аниқланадиган онлайн- микроқарзнинг ҳаққоний йиллик фоиз ставкаси.

2-§. Онлайи-микроқарз офертаси шартлари

4. Банк Қарздор/мижоз томонидан Электрон оферта акцептлангандан кейин ушбу Электрон офертанинг 5-банди ва Қарздорнинг/мижознинг қарз юки кўрсаткичидан келиб чиққан ҳолда Қарздорга/мижозга ажратиладиган онлайн-микроқарз қийматини белгилайди.

5. Онлайн-микроқарзнинг максимал қиймати 5 000 000 (беш миллион) сўм, минимал қиймати эса 500 000 (беш юз минг) сўм.

6. Қарздорнинг/мижознинг ўртача ойлик даромади миқдори унинг томонидан охирги 6 ой ичида олинган даромади (солиқни чегирган ҳолда) миқдорининг ўртача арифметик қиймати сифатида ҳисобланади.

7. Банк томонидан онлайн-микроқарз ажратилгандан сўнг Қарздорнинг/мижознинг қарз юки кўрсаткичи 50 фоиздан ошмаслиги шарти билан онлайн-микроқарз ажратилади.

Бунда, қарздорнинг/мижознинг ўртача ойлик даромади миқдори у олмоқчи бўлган онлайн-микроқарзга етмаса, "TrustPay" мобиль-иловаси автомат тарзда унинг ўртача ойлик даромади миқдори етадиган онлайн-микроқарз қийматини таклиф этади.

8. Онлайн-микроқарз 12 ойгача бўлган муддатга йиллик 32 фоизлик ставкада берилади.

Онлайн-микроқарз бўйича фоиз Банк томонидан хар куни ушбу банднинг биринчи хатбошисида белгиланган фоиз ставкаси бўйича берилган санадан бошлаб амалдаги кунлар сонидан келиб чиккан ҳолда Қарздорнинг/мижознинг онлайн-микроқарз ҳисобварағи қолдиғига нисбатан ҳисоблаб борилади ва ҳар ойнинг 11-санасида ундирилади.

Онлайн-микроқарз бўйича асосий қарз ойма-ой тенг миқдорларда сўндирилади,

9. Онлайн-микроқарз фоизи бўйича тўлов муддати ўтган қарздорлик вужудга келганда, Қарздор/мижоз тўлов муддати ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун муддати ўтган фоиз қийматининг 0,5 фоизи, бироқ муддатида тўланмаган фоиз қийматининг 50 фоизидан ошмаган, миқдорда пеня тўлайди, пеня тўланиши Қарздорни/мижозни муддати ўтган фоизни тўлашдан озод килмайди.

10. Онлайн-микроқарз таъминоти сифатида онлайн-микроқарзнинг қайтарилмаслик таваккалчилиги бўйича суғурта шартномаси ва суғурта полиси расмийлаштирилади. Таъминотнинг қиймати онлайн-микроқарз қийматининг камида 130 фоизини ташкил этиши керак. Бунда, суғурта харажати Қарздорнинг/мижознинг онлайн-микроқарз қиймати ҳисобидан автомат тарзда суғурта компаниясига тўланади.

Қарздорга/мижозга онлайн-микроқарзни тезкор ажратиш мақсадида суғурта полиси Банк билан онлайн суғурталаш бўйича бош келишувга эга бўлган суғурта компаниясидан олинади.

3-§. Томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

11. Банкнинг хукуклари:

а) онлайн микроқарз бўйича асосий қарз ва унга ҳисобланган фоизларни қарздор/мижознинг пластик картасидан акцепсиз (розилигисиз) ечиб олиш;

б) онлайн-микроқарз белгиланган муддатда сўндирилмаганда, унинг кайтарилиши ушбу Электрон офертада белгиланган чораларни кўриш;

в) ушбу Электрон оферта бўйича асосий қарзни қайтариш ва (ёки) ҳисобланган фоизни тўлаш муддати бузилганда низони судгача ҳал қилиш юзасидан талабномасини Қарздорга/мижозга маълум қилиш;

г) талабнома етказилгандан сўнг ўттиз кун ичида Қарздор/мижоз унда кўрсатилган талабларни лозим даражада бажармаганда, тегишли талаб билан судга мурожаат қилиш.

12. Банкнинг мажбуриятлари:

а) онлайн-микроқарзни ушбу Электрон офертанинг 2-параграфида белгиланган шартларда бериш;

б) онлайн-микроқарзни муддатидан олдин ундириш сабаблари ҳақида Қарздорни/ мижозни хабардор этиш;

в) Қарздордан/мижоздан онлайн-микроқарзнинг жорий тўлови учун тўлов графигида белгиланганга нисбатан кўп маблағ келиб тушса, у ҳолда келиб тушган маблағнииг ортиқча қисмини онлайн-микроқарз бўйича асосий қарзни сўндиришга йўналтириш ҳамда онлайн-микроқарз қийматини қайта ҳисоблаш;

г) онлайн-микроқарз бўйича муддати ўтказиб юборилган қарздорлик юзага келганда Қарздор/мижоз зиммасидаги қарз юки янада ошиб кетишининг олдини олиш мақсадида ушбу қарздорлик юзага келган санадан бошлаб 7 календарь куни давомида ҳар қандай алока боғлаш усулидан, шу жумладан электрон алоқа воситасидан фойдаланиб, Қарздорга/мижозга муддати ўтказиб юборилган қарздорлик юзага келганлиги ҳақида онлайн-микроқарзни қайтариш графигини илова қилган ҳолда хабар бериш;

Қарздорни/мижозни ушбу Электрон оферта бўйича муддати ўтказиб юборилган қарздорликни қайтариш мажбуриятлари бажарилмаганлиги ҳолати, муддати, қиймати, таркиби ва оқибатлари ҳақида хабардор қилиш, Қарздордан/мижоздан муддати ўтказиб юборилган қарздорлик юзага келиши сабаблари ҳакида сўраш;

д) ушбу Электрон оферта бўйича асосий қарзни қайтариш ва (ёки) ҳисобланган фоизни тўлаш муддати бузилганда низони судгача ҳал қилиш юзасидан ўз талабномасини Қарздорга/мижозга етказиш (мазкур талабномада талабнома тузилган санадаги Қарздорнинг/мижознинг жорий қарзи миқдори ва таркиби, қарзни тўлаш усуллари, талабномада кўрсатилган муддатгача қарздор/мижоз ўз мажбуриятларини бажармаслиги оқибатлари ва низони суддан ташкари ҳал қилиш усуллари қайд этилади);

е) Қарздор/мижоз томонидан онлайн-микроқарз бўйича қарздорлик тўлиқ тўланганидан сўнг, мазкур қарздорлик бўйича амалга оширилган охирги тўлов санасининг кейинги уч иш кунидан кечиктирмаган ҳолда Қарздорнинг/мижознинг шахсий кабинетида онлайн-микроқарз бўйича қарздорлик тўлиқ сўндирилганлиги ва онлайн-микроқарз офертаси бўйича қарздорлик мавжуд эмаслиги тўғрисида маълумот жойлаштириш.

13. Қарздорнинг/мижознинг ҳуқуқлари:

а) ушбу Электрон офертани акцептлаш бўйича мустақил равишда қарор қабул қилиш;

б) онлайн-микроқарзнинг ўз вақтида ажратилишини талаб қилиш;

в) ушбу Электрон оферта акцептлангандан кейин ва Банк томонидан пул маблағи ўтказилгунга қадар бўлган даврда онлайн-микроқарз олишдан бепул асосда воз кечиш;

г) онлайн-микроқарз бўйича асосий қарз ва унга ҳисобланган фоизни жарима санкциясисиз исталган вақтда муддатидан олдин тўлиқ тўлаган ҳолда ушбу Электрон офертани муддатидан олдин бекор қилиш.

14. Қарздорнинг/мижознинг мажбуриятлари:

а) онлайн-микроқарз бўйича асосий қарз ва унга ҳисобланган фоизни ўз вактида сўндириш;

б) ишдан бўшаётганда онлайн-микроқарз ва унга ҳисобланган фоизни муддатидан олдин сўндириш.

4-§. Томонларнинг жавобгарлиги

15. Томонлар ушбу Электрон оферта шартларини бажармаганда Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофик жавоб беради.

5- §. Форс-мажор ҳолатлар

16. Томонлар форс-мажор ҳолатлар амал қилган даврда Электрон оферта бўйича ўз мажбуриятларининг кисман ёки тўлиқ бажарилмаганлиги учун жавоб бермайдилар.

Форс-мажор ҳолатларга қуйидагилар киради: табиий ходисалар (зилзила, кўчки, довул, қурғоқчилик ва суғурта шартномасида санаб ўтилмаган бошқа табиий ходисалар) ёки ижтимоий-иқтисодий вазиятлар (харбий харакатлар, иш ташлашлар, қамаллар, давлат ташкилотларининг ҳамда давлат ташкилотлари ўртасидаги чекловчи ва тақиқловчи чоралар, шунингдек Ҳукумат қарорлари ва бошқалар) оқибатида келиб чиккан фавқулодда, жорий шароитда бартараф этиб бўлмайдиган ва олдиндан кутилмаган вазиятлар, агар ушбу вазиятлар Электрон офертани бажаришга бевосита таъсир кўрсатган бўлса.

Форс-мажор ҳолатлар юзага келганда ва тўхтаганда томонлар бир-бирини дарҳол хабардор қиладилар. Хабарнома томонларда мавжуд бўлган барча алоқа воситалари оркали юборилиши мумкин.

Форс-мажор ҳолатлар юзага келган тақдирда мажбуриятларни бажариш муддатини томонлар форс-мажор ҳолатлар амал қилган даврга мутаносиб тарзда кечиктирадилар.

6-§. Низоларни ҳал қилиш

17. Томонлар ушбу Электрон офертадан келиб чиқувчи низоларни, томонларнинг ўзаро розилигига кўра, низони ҳал қилишнинг суддан ташқари усулларини қўллаш, шу жумладан музокара ўтказиш орқали ҳал қилиш мажбуриятини олади.

18. Низони музокара йўли билан ҳал этишнинг имкони бўлмаса, ушбу Электрон оферта 
12-бандининг "д" кичик бандида қайд этилган талабномада белгиланган муддатда - ўттиз кун ичида Қарздор/мижоз унда кўрсатилган талабларни лозим даражада бажармаганда, Банк тегишли талаб билан фуқаролик судига мурожаат қилишга ҳақли ҳисобланади.

7-§. Электрон офертанинг бошқа шартлари

19. Банк Қарздор/мижоз учун ушбу Электрон оферта бўйича асосий қарзни қайтаришнинг ва ҳисобланган фоизни тўлашнинг масофадан туриб амалга ошириш имкониятини яратади.

20. Банк ушбу Электрон оферта шартларини, шу жумладан онлайн-микроқарз бўйича фоиз ставкасини ва уни белгилаш тартибини, мазкур Электрон офертанинг амал қилиш муддатини бир томонлама ўзгартиришга ҳақли эмас.

21. Қарздор/мижоз вафот этганда унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари Ўзбекистон Республикаси қонун хужжатларига мувофиқ ҳал этилади.

22. Мазкур Электрон оферта у имзоланган кундан бошлаб то Қарздор/мижоз томонидан ушбу Электрон оферта мажбуриятлари тўлиқ бажарилгунга қадар амал қилади.

23. Ушбу Электрон офертанинг бекор қилиниши томонларни у бекор қилингунга қадар билдирилган ўзаро даъвосини (талабини) қондириш мажбуриятидан озод қилмайди.

24. Мазкур Электрон офертада кўзда тутилмаган ҳолатлар юзасидан Ўзбекистан Республикаси қонун ҳужжатлари қўлланилади. 


Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech